Одамфурушлардан ҳамиша эҳтиёт бўлинг

Одамфурушлардан ҳамиша эҳтиёт бўлинг

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”, деб таъкидланиши мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилганлиги белгисидир. Унга таҳдид қилиш ва зарар етказиш эса Республикамизда жиноят сифатида баҳоланади.

Юртбошимиз «Бугун инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари, уларни ҳар томонлама ҳимоялаш ва таъминлаш, жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш йўллари ҳақида гапирар эканмиз, бу мавзу дунёда ҳар доим, айниқса, кейинги пайтларда энг ўткир ва долзарб масалага айланиб бораётганини яққол кузатиш мумкин ва буни табиий ҳол, деб қабул қилишимиз керак» деганида, одам савдоси ва шу каби трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқ нормалари самарадорлигини оширишда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозимлиги ҳақида фикр юритган бўлсалар ажаб эмас.

Тараққиёт сари дадил одимлаётган Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатчилик ва фуқаролик жамияти барпо этишга астойдил ҳаракат қилинмоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан самарали воситалар қўлланилаётир. Шунингдек, одам савдоси сингари трансмиллий, чегара билмас жиноятга қарши курашишда ҳам энг таъсирчан услублардан фойдаланилмоқда.

Маълумки, одам савдосига қарши курашиш, унинг олдини олиш, аниқлаш, унга чек қўйиш, оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун аввало ҳуқуқий асос мустаҳкам бўлиши керак. Шунинг учун парламентимиз БМТнинг бу борадаги конвенция ва протоколларини ратификация этиш ҳақидаги, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунлари қабул қилинди. Юртбошимиз И.Каримовнинг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси 2003 йил 1949 йил 2 декабрдаги БМТнинг «Одамлар савдоси ва учинчи шахслар томонидан фоҳишабозликни ишлатилишига қарши кураш тўғрисидаги Конвенция»га, 2008 йилда «Одамлар, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва бу қилмиш учун жазолаш тўғрисидаги Конвенция»га, шунингдек БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги Конвенциясини тўлдирувчи Протоколини ратификация қилди ва ушбуга асосан, одамлар савдоси тўғрисида аҳолига маълумотлар бериш, унинг қурбонларини ҳимоя қилиш ва бу соҳада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурларни қўллаб-қувватлаш орқали унинг олдини олиш ва унга барҳам бериш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси мамлакатимиз жиноят қонунида янги нормалардан бўлиб, унинг ҳозирги таҳрири 2008 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида»ги № ЎРҚ-154 сонли Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Жиноят кодексига киритилди.

Мазкур модданинг 1-қисми “Одам савдоси”- яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш унча оғир бўлмаган жиноятлар қаторига киритилган.

Модданинг 2-қисми жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар назарда тутилиб, ўғирлаш, зўрлик ишлатиш билан, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасидан олиб ўтган, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган қилмиш учун жавобгарлик белгиланган.

Модданинг 3-қисми ҳар иккала қисмдан ҳам оғирлаштирувчи ҳолатларни назарда тутган, яъни ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган, жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳолатлар, ўта хавфли рецидивист томонидан ёхуд уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган ҳолатларнинг ижтимоий хавфи даражаси юқорилиги назарда тутилиб, улар учун 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ушбу жиноятни шарҳлаб ўтадиган бўлсак, “Одам савдоси” бу ўз-ўзидан юз берадиган ёки тасодифий фаолият эмас, балки жиноятчилар томонидан жуда пухта ташкил этиладиган жараёндир. У ҳар доим уч босқичда ёллаш, ташиш ва эксплуатация жараёнида содир бўлади.

Бунга кўра, ёллаш одам савдоси жараёнининг биринчи босқичи бўлиб, қолган икки босқичи билан узвий боғлиқ ва уларни амалга ошириш учун қулай шароит яратади. Ташишэса талаб ва таклифга асосланади. Бунда жабрланувчилар жиноий гуруҳлар орқали иш кучига талаб кўп бўлган мамлакатларга жўнатилади. Одам савдосида жабрланувчиларни ташиш, жабрланувчи ёлланган мамлакат ташқарисида ҳам бўлиши мумкин. Бутун йўл давомида жабрланувчилар руҳий азоб ҳамда зўравонликка дуч келишлари, бир неча марта қайтадан сотиб юборишлари эҳтимоли бор.

Эксплуатация одам савдосининг асосий элементи ҳисобланади. Эксплуатациянинг оммавийлашган шаклларидан бири сексуал (шаҳвоний) эксплуатация ҳисобланади. Шунингдек, одамнинг ишчи кучи сифатида эксплуатация қилиниши ҳам кўп учрайди.

Гарчанд оммавий ахборот воситалари орқали одам савдоси ва унинг аянчли оқибатлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилишига қарамасдан, айрим фуқаролар мўмай даромад ҳақидаги ёлғон қурбонига айланиб қолмоқдалар. Айниқса бу жиноят 18-30 ёшдаги ёшлар ўртасида учраб келмоқда. Била ва кўра туриб, ушбу жиноятни қурбонига айланиб қолишмоқда. Бунга бир мисол.

Жиноят ишлари буйича туман судида қурилган жиноий ишда ҳам бир неча фуқаролар Р.А.нинг (исми-шариф қисқартирилган) ўзга мамлакатдаги 400 АҚШ доллари миқдоридаги узликсиз маош ва қулай меҳнат шароити юзасидан айтган чупчакларига лаққа тушганлар. Ўзбекистон чегарасидан ўтгач, уларнинг паспортлари хорижлик “иш берувчи”лар томонидан олиб қўйилган. Эркидан ажралган юртдошларимиз эса оғир шароитларда 5 ой ишлашга мажбур бўлганлар. Табиийки, ваъда қилинган пулни ҳам ололмай, чет давлатдаги фаолият юритаётган мутасадди идоралар томонидан ўз юртларига ва оиласи даврасига қайтишларида ёрдам берилган.

Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу сабабли ҳамиша огоҳ бўлинг, деймиз хорижда меҳнат қилиш юзасидан таклиф бўлдими, унинг қонунийлигига ишонч ҳосил қилинг. Қолаверса, чет элда ишлашни ташкил этиш юзасидан мамлакатимизда махсус мутасадди идора фаолият юритишини унутманг. Хар бир фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида. Ўз хуқуқ ва манфаатларингиз топталишига йўл қўйманг.


Абдураҳмонова Хуршида Хасанжоновна

Тошкент шаҳар “REVEKA-K” 

адвокатлик бюроси 

адвокати.

Изоҳлар

Изоҳ ёзилмаган...