Ҳар бир жараёнга қонуний ёндошинг

Ҳар бир жараёнга қонуний ёндошинг

Ота-онани ҳурмат қилиш, улар олдида адаб билан туриб, хизматларини бажариш ҳаммамизнинг вазифамиздир. Бу вазифанинг асоси- неъматга шукрона, яъни кўрган эзгуликка қарши эзгулик қилишдир. Ота-оналаримиз бизнинг фақат дунёга келишимизга сабабчи бўлиб қолмасдан, минг машаққатлар чекиб ўстирадилар, камолотимиз учун бутун кучларини сарф этадилар. Касал бўлганимизда бошимизда гирдикапалак бўлиб, бутун роҳатларини йўқотадилар, тузалиб кетишимиз учун ҳамма чорага киришадилар, еядиган, ичадиган, киядиган нарсаларимизни ҳозирлаб ҳар кимдан зиёда севадилар.

Ўқитадилар, тарбиялайдилар, одобли-ахлоқли бўлиб етишмоғимиз учун ўзларини фидо этадилар, қисқаси. Ўсиб етишганимиздан кейин бошимизга мушкул ишлар тушганда ва оғир кунларга қолган вақтимизда тасалли берадилар, кўнглимизни кўтарадилар. Шод-хуррам чоғларимизда шодлигимизга шерик бўлиб, номус ва шарафимизни сақлайдилар. Бахтли-саодатли бўлишимизни тилагувчи беминнат яқинларимиз фақат улардир.

Бизга яхшиликни соғинган кишиларга эзгулик қилиш бурчимиз экан, шу қадар эзгулик қилган ота-оналаримиз олдида биз фарзандларнинг бурчларимиз жуда ҳам юқоридир. Шу боис уларнинг розиликларини, таҳсинларини олишимиз, иззат ва обрўларига путур етказадиган ярамас ишлардан, ёмон феъл-атвордан сақланишимиз лозим. Болаларимиз бизни ҳурмат этишларини хоҳласак, албатта, ота-онамизни ҳурмат қилишими, буйруқларини бажо келтиришиимз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Муқаддас бурчини бажариб дуолар олаётган, юрт назаридаги фарзандлар тутумлари туфайли халқимизнинг меҳр-оқибат, одамийлик каби фазилатлари улуғланмоқда. Афсуски, ота-онасини хор қилиб, эл назаридан қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Яқинда туманимизнинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи онахон ноқобил фарзанди юзсизлиги туфайли қариган чоғида уйсиз қолди. 82 ёшли онанинг дарди оламга сиғмайди.

Маълум бўлишича, аёл 7 фарзанд кўрса ҳам ичиб келиб, калтаклашларини ташламаган эрининг хўрликларига чидай олмай ажрашган ва болаларини ёлғизликда ҳам она, ҳам ота бўлиб вояга етказган. Ўз емай едириб, ўзи киймай кийдириб барини уйлаб-жойлагач, кенжаси билан яшаб қолади. Не-не умидларида ўз меҳнати билан барпо этган ҳовли-жойини унинг номига нотариал тартибда расмийлаштириб беради ҳам.

Қарангки, яхшиликни билмаган ўғил қартайиб қолган волидасини парваришлаб, дуосини олиш ўрнига уйдан ҳайдаб юборади. Ўз уйига сиғмаган она куёвларининг эшигига сиғармиди, ёши бир жойга борганда кўчада қолади, бояқиш...

Ўрни келганда кексаларимизга икки оғиз ҳуқуқий маслаҳат бериб кетсак. Ҳурматли ота-оналар! Зурриёдларингиз минг ақлли, оқибатли бўлмасин, эртангизнинг ғамини енг.

Озгина муболаға билан айтганда ҳар бир қадамингизни қонуний ташласангиз, ҳеч қачон ҳаёти юқоридагидек аянчли тарзда ўзгариб кетган онанинг ҳолатига тушмайсиз. Мустақил Ўзбекистонимиз ҳуқуқий демократик давлат қуриш мақсадида. Шундай экан, фуқаролари ҳам ҳуқуқий саводхонлигини оширишга интилиши лозим. Донолар айтмоқчи, ёшлик-кексаликка дебочадир. Қариганда ҳақли равишда умргузаронлик қилиш учун ҳар бир жараёнга қонуний ёндошмоқ зарурлигини унутманг.

Ориятли халқлигимиз учун ҳеч бир ота-она фарзанди билан судлашиб ёки оқибатсиз фарзандларидан алимент талаб қилиб яшашга ботинмайди, маҳалла-кўйдан номус қилади. Шунинг учун ўзига тегишли мулкни қонуний тартибда сақлай билсинки, башарти муаммо туғилган тақдирда уларни ҳимоя қилишга, ҳуқуқларини тиклаб беришга қонуний асосимиз бўлсин.


Ўғилхон Қодирова

вилоят Адвокатлар ҳайъатининг

Тўрақўрғон тумани филиали мудираси.

Назокат Қаюмова ёрдамчи.

Изоҳлар

Изоҳ ёзилмаган...